Хитойнинг Шенси вилоятида жойлашган шифохоналардан бирининг раҳбарияти ва ходимлари жарроҳлик столи устида ҳушсиз ётган бемор билан селфи услубида олинган сурат учун интизомий жазога тортилдилар, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Шифохонанинг уч нафар раҳбари ишдан бўшатилди, бу эсдалик учун суратда акс этган ходимлар эса уч ой давомида жарима тўлайди, деб ахборот берди CNN канали.
Бу воқеа Фенчен госпиталида 2014 йилнинг августида содир бўлган, бироқ бу ҳақида энди маълум бўлди. Даволаш муассасаси маъмурияти расман узр сўраган. «Бизнинг ходимларимиз ўзларининг бу қилмишлари салбий оқибатларга олиб келишини ўйлашмаган кўринади. Биз бундан тегишли хулосалар чиқарамиз», − дейилади шифохона баёнотида.
Тиббий ходимларнинг сўзларига кўра, бу сурат эсдалик учун олинган. Ўша куни бу жарроҳлик гуруҳининг охирги иш куни эди, бундан кейин бу жарроҳлик хонаси бошқа йўналиш бўйича қайта ўзгартирилиши керак эди.
Хитойлик блогерлар бу суратларга салбий муносабат билдириб ўтишган. Ижтимоий тармоқларда тиббий маданиятнинг етарли эмаслиги муҳокама қилинган. «Уларда умуман масъулият йўқ экан, беморни даволаш улар учун бир ҳазил ишдек. Бемор ёнларида ётганида, қандай қилиб улар бундай тарзда суратга тушишлари мумкин?», − дея аччиқланиб, ўз фикрини билдирди фойдаланувчилардан бири.
Изоҳ (0)