Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2 декабрь куни Хитой давлат тараққиёт банки (ХДТБ) иштирокида Ўзбекистон телекоммуникация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.
Унга биноан, ушбу соҳадаги тўртта лойиҳани амалга оширишда «Ўзбектелеком» ва Хитойнинг Huawei Technologies компанияси ўртасида телекоммуникация ускуналарини етказиб бериш бўйича тузилган умумий қиймати 117,6 миллион долларлик шартномалар инобатга олинади.
«Ўзбектелеком» АК магистрал тармоқлари ишончлилигини Ўзбекистон Республикаси туман марказларигача кенгайтириш ва ошириш лойиҳасининг умумий қиймати 72,5 миллион доллар бўлиб, бундан 55,8 миллион доллари ХДТБ кредити, 9,85 миллион доллари «Алоқабанк» кредити, 6,78 миллион доллари «Ўзбектелеком» маблағлари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу лойиҳа доирасида ахборот узатиш магистрал транспорт тармоғининг ўтказиш қувватини халқаро йўналиш бўйича 100 Гбит/сонияга етказиш, Тошкентдан вилоят марказларигача 40 Гбит/сонияга ва туман марказларигача 10 Гбит/сонияга етказишни назарда тутилган.
FTTx технологияси бўйича кенг полосали оптик тармоқларни ривожлантириш лойиҳасининг умумий қиймати 8,036 миллион доллар бўлиб, бундан 5,8 миллион доллари ХДТБ кредити, 1 миллион доллари «Алоқабанк» кредити, 1,1 миллион доллари «Ўзбектелеком» маблағлари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу лойиҳа доирасида 69 120 портга эга FTTx тармоқларида GPON технологияси бўйича ахборот узатишни таъминлайдиган 17 та коммутация қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)