Ўзбек Миллий академик драма театрида «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида тадбиркор аёллар ўртасида ўтказилган «2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси» танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирга хотин-қизлар қўмиталари, банк-молия ташкилотлари мутасаддилари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, тадбиркор аёллар таклиф этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов, Марказий банк департементи директори А. Қосимов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Абдураҳимова ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг иқтисодий-ҳуқуқий билимини юксалтириш, оилалар фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак натижалар бераётганини таъкидлади.
Танлов ғолибларидан бири бўлган Гўзалой Жўраева Шаҳрихон туманидаги «Супербекажон» хусусий корхонасида меҳнат қилади. У тақдим этган ландшафт дизайнига оид лойиҳа қишлоқ кўчаларини обод қилиш, атрофни маҳаллий иқлим шароитига мос гуллар, ўсимлик ва майсалар, манзарали дарахтлар билан безашни кўзласа, сирдарёлик Ҳимоят Эралиэва иссиқхонада сархил сабзавотлар етиштириш ва «Соғлом аёл маркази» фаолиятини йўлга қўйишни, хоразмлик Нилуфар Искандарова эса сут маҳсулотларини қайта ишловчи кичик корхона очишни режалаштирган.
«2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси» танлови ғолибларига банк маблағларини кафолатловчи сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.
Изоҳ (0)