Икки қизнинг отаси ичкиликка ружу қўйиб, аёли билан тез-тез жанжаллаша бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» нашрига таяниб, «Uz24.uz» хабар бермоқда.
Кунларнинг бирида ишдан тушлик қилиш мақсадида уйига келган эркак дастурхон устида, икки қизининг олдида аёли билан гап талашиб, тортишиб қолди. Уларнинг жанжалига аралашган қизларидан бирига ҳам дўқ-пўписа қилди. Овқатланиб бўлишгач, эркак бироз мизғиб олиш мақсадида меҳмонхонага кириб кетди.
Бироқ қизи тушлик маҳалидаги отасининг онасига қилган муомаласи-ю ўзига қилган пўписаларини «ҳазм» қилолмай, онаси учун отасидан қасос олмоқчи бўлди. У қозонда қизиётган пахта ёғини ухлаб ётган отасининг устидан қуйиб юборди. Қайноқ ёғдан бош, юз ва елкалари куйган ота додлаб уйғониб қараса, тепасида қозон кўтарганча қизи турарди. У ўрнидан туришга чоғланган отасига қозондаги қолган ёғни ҳам қуйиб юборди.
Ачишиш ва оғриқдан азоб чекаётган отасининг «Нега бундай қилдинг, қизим?» — деган саволига қиз «Онамни сиз шунча пайтдан буён ҳақорат қилиб, қийнаб келяпсиз. Сиз ҳам қийналиш қандай бўлишини бир кўринг», — деди тап тортмай.
Қўшни хонадан югуриб чиққан онаси тутақиб, қизига бақира кетди ва тез ёрдам чақирди. Жигарпорасининг қилмишидан ҳам тани, ҳам дили озор чеккан ота касалхонада ўн кун даволаниб чиқди.
Ота ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмади: қизининг қилмишини кечирди. Суд судланувчи қизга нисбатан қилмишига яраша жазо тайинлади. Судланувчига қандай жазо тайинлангани ва воқеа қаерда рўй бергани ҳақида маълум қилинмаган.
Изоҳ (0)