Бугун, 25 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 06:30 да «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Boeing-767-300BCF юк ҳаво кемаси Урумчи—Тошкент йўналиши бўйича илк чартер қатновини амалга оширди, деб хабар бермоқда «Uz24.uz» Миллий авиакомпаниянинг ахборот хизматига таяниб.
Самолёт бортида жами оғирлиги 50 тонна бўлган юк келтирилди. Мазкур авиалайнерни «Боинг» учув отряди командири ўринбосари, ҳаво кемаси командири Борис Никитин ҳамда иккинчи учувчи Валерий Ким бошқарди.
Яқин орада иккинчи Boeing-767-300BCF юк авиалайнери ҳам фойдаланишга топширилади. Ушбу юк самолётларида чартер қатновлар билан бир қаторда, «Навоий» халқаро аэропортидан Дубай, Тянь-Цзинь, Франкфурт, Актобе, Деҳли шаҳарларига ҳафтасига жами 13 та қатнов бажарилиши режалаштирилган. Мазкур лайнернинг тижорий юкланиши 53 тоннага тенг. Улар тўртинчи даражадаги шовқин (Stage 4 noise level) бўйича сертификатланган бўлиб, тунги вақтларда парвозларни амалга ошириш чекланган, жумладан, Лондон ва Франкфурт каби шаҳарларнинг аэропортларига қўниш ва у ердан учиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК 1996 йилдан буён авиация техникасини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи Boeing корпорациясининг самолётларини муваффақиятли эксплуатация қилиб келмоқда. Шу давр мобайнида Миллий авиакомпания авиапарки Boeing-757/767 каби замонавий модификациядаги ҳаво кемалари билан тўлдирилди, истиқболда эса иккита Boeing-787 Dreamliner — «Орзу лайнер»ларини қабул қилиб олади.
Изоҳ (0)