ЖАРда 2010 йил бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бригадасида ён қанот ҳаками сифатида иштирок этган Рафаэль Ильясов айни вақтда Қозонда истиқомат қилмоқда. Татаристон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилаётган Ильясов Ўзбекистон терма жамоаси нима сабабдан жаҳон чемпионатига чиқа олмаётганига изоҳ берди ва Россия фуқаролигини олиш нияти борлигини билдирди, деб хабар беради «Uff.uz».
— Сиз туғилиб, вояга етган Ўзбекистон нима сабабдандир жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпти. Бунга сабаб нимада, деб ўйлайсиз?
— Собиқ иттифоқ барҳам топгач УЕФАдан аъзо бўлиш таклифи тушди. Масалан, Қозоғистон бу таклифдан фойдаланиб қолди. Улар ОФКдан саралашда иштирок этиб, мағлубиятга учрагач, дарҳол УЕФАга ўтиб кетди. ОФКнинг бош қароргоҳи Малайзияда жойлашган бўлиб, улар қишда Қозоғистонда қандай иқлим бўлишидан мутлақо бехабар. Шу сабабли ҳам терма жамоа ўйинини 4 январга белгилади. Бундай ҳавода ўйнаб бўларканми?
Ўзбекистонга келадиган бўлсак, собиқ иттифоқ чемпионатида орттирилган тажриба билан ЖЧга чиқиш мумкин, деб ўйлашди. Ахир ўша вақтларда бизда Миржалол Қосимов ва Игорь Шквирин каби футболчилар бор эди. Аммо барибир бу ишнинг имкони бўлмади. Кейин терма жамоага хориж футболчиларини жалб қилиб кўрдилар. Ёдимда, Ўзбекистонда Алексей Поляков, Олег Пашинин ва Владимир Маминов каби россиялик футболчилар ўйнаган эди. Уларга бир неча кунда фуқаролик берилган. Дарвоқе, менимча Маминов бу таклифни қабул қилганидан бир неча бор афсусланган. Чунки Ўзбекистон терма жамоасида ўйнагандан сўнг унинг ўйини шу қадар очилиб кетдики, Россия терма жамоасига ҳам чақирилган бўларди.
— Ҳозир сиз Қозондасиз. Ишга жойлашдингизми?
— Қозонга келганимдан сўнг «Рубин» клубига мурожаат қилдим ва у ерда менга катта ёрдам қилишди. Менга Қозонда яшаш учун рўйхатдан ўтишда кўмак қилишди. Бунинг учун клуб директори Айрат Гараевга катта раҳмат. Аммо, афсуски, Россия фуқаролигини олишда турли бюрократик тўсиқларга дуч келдим. Федерал Миграция хизмати менга Россия паспортини беришни кечиктириб келмоқда. Бунинг учун турли бюрократик жараёнлардан ўтишим лозимлигини айтишган. Мен бутун ҳаётим давомида ҳам бу қадар кўп ҳужжат тўпламаганман. Россия фуқаролигини олишда шу қадар кўп қоғоз тўпладимки...
Ҳозир мен Россияда яшаш учун уч йиллик рухсатнома олганман. Бир йилдан сўнг эса фуқаролиги бўлмаган шахсларга бериладиган паспорт оламан. Мен бир нарсани тушунмайман, қандай қилиб мен — татар миллатига мансуб бўлган ва ота-онаси Қозон шаҳрида туғилган инсон ўз ватанимда қонуний рўйхатдан ўта олмайман. Мен бу ерда хонадон сотиб олдим, рафиқам эса ишга жойлашди. Шу ўринда айтиш жоиз, у ўз соҳасида анча камёб мутахассис ва анча катта фойда келтириши мумкин. Ўзим ҳам бу ерда фойдали иш олиб боришим мумкин.
— Ҳозирча сиз фақат Татаристон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қиляпсизми?
— Ҳа, шунинг натижасида менинг рус футболи билан ҳамкорлигим анча чекланиб қолмоқда. Шунга ҳам муносиб кўргани учун Татаристон чемпионати ҳакамлар корпуси раҳбари Радик Аҳмадуллинга катта раҳмат. Менга бу мусобақа жуда ёқди. Барча жамоалар фақат футболга эътибор қаратади ва бошқа нарса билан ишлари йўқ.
Татаристон чемпионатидаги фаолиятим менга формамни ушлаб туришда ёрдам бермоқда. Аммо Россия фуқаролигини олсам, Премьер лига баҳсларида ишлай олган бўлардим. Бунинг учун тажриба ва маҳорат етарли. Фақат бюрократик тўсиқларни бартараф қилсак бўлгани. Қачондир бу иш амалга ошар, аммо ёш ўтиб бормоқда.
Изоҳ (0)