Қашқадарё вилоятида 2009 йил жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукмига асосан айбланиб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, аммо енгиллик бериш мақсадида вилоят судининг ажримига биноан унга нисбатан бир йил синов муддати қўлланилган йигит хатосини англаб етмади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
1988 йилда туғилган йигит телефон орқали бир қиз билан танишиб, маълум муддатдан сўнг уни учрашувга таклиф қилди. Шаҳардаги кафелардан бирида белгиланган учрашувга йигит дўсти, қиз эса дугонаси билан ташриф буюрди. Базм-у жамшид спиртли ичимликларга бой ўтди.
Ўтиришдан сўнг, қизларни уйига кузатиб қўйиш учун Nexia автомобилида йўлга тушган йигитлар қизларнинг дод солишига қарамай, машинани хилват жойга ҳайдаб кетди.
Икки йигит ўз шаҳвоний ҳирсини қондиргач, қизлардан бирининг 700 АҚШ доллари ва Samsung русумли уяли телефонини тортиб олди.
Кўрилган тергов-суриштирув чоралари натижасида йигитлар содир этган жинояти учун тегишли қонуний жазо олди. Улар бошқарган Nexia эса жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинди.
Изоҳ (0)