2014 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаларига бағишланган брифинг ўтказилди. Бу ҳақда партия расмий сайтида маълум қилинган.
Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов партиянинг сайловдаги иштироки ҳақида ахборот берди.
«Сайлов натижалари бўйича муносабат билдиришдан олдин сайлов билан боғлиқ жараёнларга тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Аввало, мамлакатимизда истиқлол йилларида фуқаролар, сиёсий партияларнинг сайловда эркин, фаол иштирок этиши учун халқаро мезонларга жавоб берадиган ташкилий-ҳуқуқий шароит яратилганини таъкидлаш зарур. Шунинг учун бу галги сайлов ҳар жиҳатдан юқори даражада ва кескин курашлар руҳида ўтди.
Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, сайловолди тарғиботи давомида партиямиз ғояси ҳамда дастурий мақсадларини мамлакатимиз жамоатчилиги, сайловчиларга ҳар доимгидан кенгроқ тарғиб қилишга эришилди. Бу жараёнда партиямиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини янада юксалтиришни устувор йўналиш қилиб олди.
Айтиш жоизки, сайловчилар билан ўтган мулоқотлар ва учрашувлар давомида партиямизнинг қатор ғоялари бугунги кун талабларига мос эканига яна бир бор амин бўлдик, ишончимизни мустаҳкамладик. Энг муҳими, халқимиз партиямиз Сайловолди дастурини фаол қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партиямиз 21 та ўрин олишга эришди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эса сезиларли устунликка эришдик.
Айтиш жоизки, биз ўз олдимизга катта вазифалар қўйган эдик ва уларга эришиш йўлида қонун талабларига риоя этган ҳолда тарғибот ишларини олиб бордик. Лекин бошқа айрим сиёсий партиялар фаолиятида сайловнинг қонунийлик ва адолатлилик каби асосий тамойилларига тўлиқ риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилди. Хусусан, ЎзЛиДеП тарғибот-ташвиқот жараёнларида қонунни четлаб ўтган ҳоллар кўзга ташланди.
Сайловда янада юқори ўрин эгаллай олмаганимиз сабабини мавжуд имкониятлардан етарлича фойдалана билмаганимизда, деб ҳисоблаймиз. Ҳолбуки, аъзоларимиз, хайрихоҳларимиз, тарафдорларимиз ва бошланғич партия ташкилотларимиз сонидаги устунлик орқали бунга эришиш мумкин эди.
Шундан келиб чиқиб, 2015 йилнинг 4 январь куни бўлиб ўтадиган такрорий сайловларга қаттиқ тайёрланиб, кўпроқ ўрин олиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз», — деди партия етакчиси.
Изоҳ (0)