Жорий йилнинг 22 декабрь куни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси С. Турдиев партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловдаги иштироки ва дастлабки натижаларга бағишланган брифинг ўтказди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Биринчи навбатда, у ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Марказий сайловолди штабининг махсус йиғилишида ўтган сайлов кампаниясининг ҳар томонлама ва танқидий таҳлили хулосалари билан билан таништирди.
Таъкидланганидек, ўтган сайлов Ўзбекистоннинг мамлакатни янада демократлаштириш ва янгилаш, модернизация қилиш бўйича ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги шаҳдам одимларининг мантиқий давоми бўлди. 2014 йилги сайлов қонунчилик талабларига тўла риоя қилинган ҳолда ва юқори демократик даражада бўлиб ўтди. Сайлов кампанияси давомида қонунчиликда барча учун мажбурий ва бир хил этиб белгиланган меъёрлар ва талабларга тўла риоя қилинди. Сайлов сайловчилар овози учун партиялараро кескин курашлар остида ўтди. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурининг тўлиқ бажарилиши бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда 18 миллион 400 мингдан ортиқ сайловчи иштирок этди. Бу эса рўйхатга олинган сайловчилар умумий сонининг 89 фоизини ташкил этади. Бугунги кунгача ЎзЛиДеПдан 47 депутат сайланди. Бу биринчи даврада ғолиблар аниқланган сайлов округлари умумий сонининг 41,6 фоизи демакдир. 2009 йилги сайлов кампаниясининг бу босқичида 35 депутат сайланган эди. Буларнинг барчаси сайловчилар партия сайловолди ғоя ва вазифаларини юқори даражада қўллаб-қувватлаганидан далолат беради.
Шу билан бирга, 22 та округда номзодларнинг бирортаси 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмади. Амалдаги сайлов қонунчилигига мувофиқ, бу округларда энг кўп овоз тўплаган икки номзод бўйича қонунда белгиланган муддатда қайта овоз бериш ўтказилади. Эришилган муваффақиятга қарамай, ЎзЛиДеП буни етарли деб ҳисобламайди ва сайловчилар овози учун курашни давом эттиришга тайёрдир. С. Турдиев ЎзЛиДеП бу округларда сайловчиларнинг юксак ишончига эришиш учун курашда фаол ва самарали иштирок этиш учун зарур барча салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Шу боис, партия Марказий сайловолди штаби мавжуд суръатни туширмаган ҳолда партиянинг барча фаоллари ва ғоявий тарафдорларининг куч-ғайратини кўрсатиб ўтилган округларда сайловолди ташвиқотини давом эттиришга йўналтириш ҳақида қарор қабул қилди.
Партиядан ҳокимиятнинг вакиллик органларига максимал даражада кўп депутат сайланиши ЎзЛиДеПга парламентга қонунчилик асосида берилган, мамлакатни янада демократлаштириш, иқтисодий қудратини оширишга қаратилган вазифалардан самарали фойдаланиш, шу орқали Ватанимизнинг эртанги куни ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш имконини беради.
Изоҳ (0)