АҚШ ҳукумати Ироқ ва Афғонистонда терроризмга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар учун 1,6 триллион долларга яқин маблағ сарфлади. Бу ҳақда Конгресснинг тергов хизмати баёнотига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Bloomberg агентлигида баёнотдан келтирилган иқтибосларда қайд этилишича, Конгресс 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан 2014 йил сентябрига қадар Ироқдаги уруш учун 815 миллиард доллар, Афғонистондаги ҳаракатлар ва террорчиларга қарши қатор операциялар учун 686 миллиард доллар, ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ бошқа харажатлар учун эса 81 миллиард доллар ажратган. Шунингдек, АҚШ ҳудудини ҳаводан патруллаштириш билан боғлиқ Noble Eagle дастурини молиялаштиришга 27 миллиард доллар сарфланган.
Баёнот муаллифи Эмми Беласконинг сўзларига кўра, урушлар харажатини ҳисоблашда бир қатор омиллар эътиборга олинмаган. Урушда ногирон бўлиб қолган ҳарбийларни даволашга кетадиган пул, шунингдек, Ироқ ва Афғонистондаги урушлар туфайли мудофаани мустаҳкамлаш учун ажратиладиган қўшимча маблағ шулар жумласидандир.
Изоҳ (0)