16 ёшдан 74 ёшгача бўлган Европа Иттифоқи аҳолисининг 18 фоизи умри давомида интернетдан умуман фойдаланмаган. Бу ҳақда Евростат тадқиқотига асосланиб «Европейская Правда» хабар бермоқда.
«Интернетдан охирги марта қачон фойдалангансиз?» деган саволга сўралганларнинг 18 фоизи «ҳеч қачон» деб жавоб берган. Қайд этилишича, 2006 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга тенг бўлган. 2006 йилда интернетдан ҳар куни фойдаланувчилар 31 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда 65 фоизга етган. Европанинг энг интернетлашган давлати Исландия, энг кам интернетдан фойдаланувчи мамлакати Руминия эканлиги аниқланган.
Интернетдан умуман фойдаланмаганлар Исландияда 1, Норвегия ва Данияда 3, Люксембургда 4, Нидерландияда 5, Финландия, Швеция ва Буюк Британияда 6, Швейцарияда 8, Португалияда 30, Италияда 32, Грецияда 33, Болгарияда 37 ва Руминияда 39 фоизни ташкил қилиши аниқланган.
Тадқиқот Европа Иттифоқига кирувчи 28 давлатда, шунингдек, Норвегия, Исландия ва Швейцарияда ўтказилган.
Изоҳ (0)