2014 йилнинг 17 декабрь куни Жиззах шаҳар ҳокимлигида БМТ Тараққиёт Дастурининг «Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич» лойиҳаси томонидан 2010—2013 йилларнинг биринчи босқичида амалга оширилган ишлар таҳлили ва 2014—2017- йиллардаги истиқболли режаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жиззах шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокимликлари мутахассислари, вилоят фаоллари иштирок этган тадбирда вилоятда маҳаллий бошқарув тизимини ривожлантириш, электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш, аҳолини давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва бошқа соҳаларда олиб борилган ишлар, унинг самаралари таҳлил этилди.
«Бундан 4 йил аввал бошланган мазкур лойиҳанинг мақсади давлат бошқаруви тизимини модернизациялаш, маҳаллий бошқарув органлари ҳисобдорлиги ва уларнинг фаолияти очиқлигини таъминлаш, ҳудудларни ривожлантиришдир. Лойиҳа йўналишлари биринчи босқичда Наманган ва Жиззах ҳамда иккинчи босқичда Тошкент вилоятларида намунавий тарзда амалиётга тадбиқ этилмоқда, — деди лойиҳа менежери Дилшод Исроилов. — Айнан ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида Жиззах ва Наманган вилоятларида 6 та ахборот хизмати ташкил этилиб, энг сўнгги турдаги замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида электрон ҳужжат айланиш тизими ўрнатилди. Бундан ташқари, Жиззах ва Наманган шаҳарларида ‘Ягона ойна’ марказлари ўз фаолиятини бошлади».
Тадбирда, шунингдек, лойиҳа доирасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича мулоқот ўрнатиш, маҳаллий давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақида аҳолининг хабардорлигини, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, минтақавий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда ННТ ва хусусий сектор иштирокини таъминлаш борасида яхши самараларга эришилгани алоҳида қайд этилди.
Тақдимотда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси иккинчи босқичининг асосий йўналишлари доирасида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар борасида йиғилганларга атрофлича ахборот берилди.
Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.
Изоҳ (0)