Бугунги таомномада — «Тошкент» салати
Ушбу салатни тайёрлаш учун тахминан 40 дақиқа вақт ва 12 410 сўм талаб этилади.
Зарур масаллиқлар:
- 200 г турп
- 200 г мол гўшти
- 100 г пиёз
- 2 та тухум
- 200 г бодринг
- 100 г майонез
- туз
- мурч
Тайёрланиши:
1. 2 та тухумни қайнатиб оламиз.2. 200 граммдан турп ва бодрингни ҳамда 2 та қайнатилган тухумни сомонча шаклида тўғраймиз. Аччиқ таъмини йўқотиш учун, майин тўғралган турпни 10—15 дақиқага муздек сувга солиб қўямиз.
3. 100 г пиёзни ҳалқа шаклида тўғраб, ўсимлик ёғида қовуриб оламиз.
4. Гўштни таъбга кўра қайнатиб ёки қовуриб пишириб оламиз. Уни ҳам сомонча кўринишида тўғраймиз.
5. Тўғраб тайёрланган масаллиқларнинг барчасини катта идишга соламиз.
6. Устига 100 г майонез, таъбга кўра туз ва мурч қўшиб, аралаштирамиз.
7. Салатни ликопчага солиб, безатамиз. Биз бироз ранг қўшиш мақсадида салатга помидор ҳам қўшиб юбордик, аслида эса «Тошкент» салати помидорсиз тайёрланади.
Салатимиз тайёр. Ёқимли иштаҳа!
Ушбу салатни тайёрлашда фойдаланилган маҳсулотларни Korzinka.uz супермаркетларидан харид қилишингиз мумкин.
Уларнинг нархлари билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин. Нархлар 8 декабрь ҳолатига келтирилган.Рукн ҳомийси — Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи.
Таомни тайёрлашда берган кўмаги учун Тошкентдаги Oshxona.uz ресторани ва шахсан бош ошпаз Баҳриддин Чустийга миннатдорчилик билдирамиз.Рукнимизнинг кейинги сонларида чизкейк ва олмали штрудель тайёрлаймиз ҳамда улар билан Янги йил дастурхонини безатамиз.
Изоҳ (0)