Ўзбекистонда аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш берувчи томонидан тўланиши тартиби узайтирилди
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қарори билан аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш берувчи томонидан тўланиши тартиби 2016 йил 1 январгача узайтирилди, деб хабар бермоқда UzDaily.
Ушбу меъёрни ўз ичига олган «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги» қарор Ўзбекистон Президенти томонидан 2014 йил 4 декабрь куни имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2010 йилдан бошлаб ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш берувчи ҳисобидан тўланиши тартиби амал қилади. Бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёллар эса нафақаларини тегишли бюджет маблағларидан олади.