Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳарда амалга оширилаётган архитектура ва шаҳарсозлик ишлари, замонавий талабларга жавоб бермайдиган объектларни реконструкция қилиш режалари, шунингдек, янги иншоотлар барпо этиш лойиҳаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, айни пайтда архитекторлар ва лойиҳачилар томонидан Тошкентнинг эски шаҳар қисмини ободонлаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ободонлаштириш ишлари доирасида 2014 йил Олмазор ва Юнусобод туманларини бирлаштирувчи янги Нурафшон кўчаси бунёд этилди. Яқин вақт ичида бу ерда уч ва беш қаватли замонавий уйлар, фавворалар қурилиб, атрофи кўкаламзорлаштирилади.
Бундан ташқари, ушбу кўчада илк маротаба пиёдалар учун эскалаторли экспериментал кўприк барпо этилади, дейилади хабарда. Кўприк айнан қачон қурилиши ҳақида ЎзА ахборотида маълумот берилмаган.
Авиасозлар, Қўйлиқ, Сирғали, Юнусобод, ТТЗ бозорларини тубдан реконструкция қилиш, шунингдек, йирик бозорлар атрофида автомобиллар тирбандлигини камайтириш истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалардандир, дейилади ЎзА хабарида.
Изоҳ (0)