12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқоти даврида ОАВдан фойдаланишини мониторинг қилиш натижаларига бағишланган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида хабар берилди.
Халқаро кузатувчилар, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва ОАВ вакиллари иштирок этган мажлисни Комиссия раиси М. Абдусаломов бошқарди.
Тадбирда таъкидланганидек, сайлов қонунчилигига асосан барча сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга адолатли, очиқ ва ошкора сиёсий рақобат ва кураш учун тенг имкониятлар ва кафолатлар яратилган.
Шу йилнинг 15 ноябридан эътиборан сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини, улардаги Ўзбекистонни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир нуқтаи назарларини сайловчиларга етказишга қаратилган сайловолди ташвиқотини бошлади.
Жорий йилги сайловолди ташвиқотида сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар барча оммавий ахборот воситаларида алифбо тартибида чиқиш қилмоқда. Унга мувофиқ, биринчи бўлиб Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, сўнг Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси материаллари бериб борилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, сайловолди ташвиқотининг ўтган даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар томонидан амалдаги қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари қайд этилмади.
Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» теле- ва радиоканалларида прайм-вақтда чиқишлари жадвалига риоя қилинмоқда. Бунда ҳар бир сиёсий партияга бир хил эфир вақти, яъни ҳафтасига теле- ва радиоэфирда 238 дақиқадан, шу жумладан, икки марта 15 дақиқадан теле- ва радиодастурга, 5 дақиқа сиёсий партиялар етакчиларига ажратилган. Партиянинг теле- ва радиороликлари эфирга ягона 5 дақиқали блокда (ҳар бир партия учун 75 сониядан) ва 2 дақиқали блокда (ҳар бир партия учун 30 сониядан) узатилмоқда.
Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутатликка номзодларнинг теледебатлари ҳам ўтказилмоқда.
Маҳаллий теле- ва радиоканалларда партиялар роликлари кунига икки марта ягона блокда, сиёсий партияларнинг вилоятлар органлари раҳбарлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлари чиқиш қилишлари учун 5 дақиқа, партия фаоллари, депутатликка номзодлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришларга 15 дақиқа вақт ажратилган.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳар бир сиёсий партия ва улар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар маҳаллий теле- ва радиоканалларда ҳафтасига 900 минутдан ортиқ эфир вақтидан фойдаланмоқда.
«Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Правда Востока» республика газеталарида сайловолди ташвиқоти материаллари чоп этилмоқда. Бунинг учун газеталарнинг иккинчи саҳифаси бепул ажратиб берилган. Сиёсий партиялар сайловчилар овози учун курашни ўзларининг матбуот нашрлари саҳифаларида тўлиқ олиб бормоқда.
Сайловолди ташвиқоти кампаниясида ташқи реклама воситаларидан самарали фойдаланилмоқда. Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистоннинг турли бурчакларида 1212 та махсус конструкциялар ва шитлар, ягона блокда 30 секундлик партиялар роликлари намойиш қилинаётган 25 та электрон мониторлардан фойдаланилмоқда.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлар сайловини ўтказувчи 21-Бухоро, 34-Навоий ва 126-Темирйўлчилар округ сайлов комиссиялари раисларининг тайёргарлик ишлари ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Шунингдек, 9—12 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ташкил этилган ҳудудий семинар-тренинглар дастлабки якунлари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси вакилининг округ ва участка сайлов комиссиялари биноларининг техник ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар давлат қўмитасининг округ ва участка сайлов комиссияларини алоқа воситалари билан таъминлаш ҳолатини мониторинг қилиш якунлари бўйича ҳисоботи эшитилди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)