АҚШ президенти Барак Обама JavaScript тилида қисқа дастур ёзган биринчи давлат раҳбари бўлди, деб хабар беради «Кун» «Lookatme.ru» ахборотига таяниб.
Қайд этилишича, Обама 8 декабрь куни Hour Of Code («Код вақти») илмий акциясининг иккинчи босқичида қатнашган. Шу муносабат билан АҚШ раҳбари Оқ уйда Нью-Жерси мактабларидан бирининг 20 нафар ўқувчисини қабул қилиб, улар билан бирга қисқа дастур ёзишга уриниб кўрган.
Акция ташаббускори ҳисобланган «Code.org» нотижорат ташкилоти асосчиси Хеди Партовининг айтишича, Обама бошловчилар учун дарсликни охиригача ўқимаган, лекин Google Blockly визуал-муҳарририда бир неча машқ бажариб, JavaScript’да қисқа дастур ёзган. Обаманинг дастури учун асосни ўқувчи Адрианна Митчелл яратди.
Партовининг айтишича, президент сатрларни жуда тартибли ёзган.
Барак Обама 2013 йилда дастурлашни қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлаган ва дастурлашни ҳар бир америкалик ва бутун мамлакатнинг келажаги асоси деб таъкидлаган эди. Аммо унда президент ҳали код ёзишга уринмаганди.
Маълумот учун, Hour Of Code акцияси 2013 йилдан бери ўтказилади. Ташкилотчилар ўқувчи ва талабаларни дастурлашда ўзларини синаб кўриш учун ҳеч бўлмаса бир соат вақт ажратишга чақиради. Ўтган йили акцияда 53 миллионга яқин одам иштирок этган эди. Бу йил «Code.org» иштирокчилар сонини 100 миллион кишига етказишни мўлжаллаган.
Изоҳ (0)