2014 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Фанлар академияси «Физика – Қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг Материалшунослик институтида «Ўзбеккино» Миллик агентлиги буюртмаси билан «Фазо-видео» студиясида тасвирга олинган «Мусаффо ҳаво» ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Сценарий муаллифи Динора Азимованинг қайд этишича, ушбу фильм Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш тарихи ва истиқболлари ҳақида ҳикоя қилади.
«Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш тарихи ХХ асрнинг 70 йилларидан бошланади. Ўша пайтда ‘Гелиотехника’ журнали чиқа бошлаган ва 2000 даражадан ортиқ ҳароратга бардош берувчи материалларини синаш учун зарур қуёш печини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ҳозирги кунда бутун дунёда қайта тикланувчи ва экологик жиҳатдан тоза энергия манбаларига эҳтиёж ортиб бораётган шароитда қуёш нурини электр қувватига айлантируб берувчи воситаларни ишлаб чиқариш муҳим аҳамият касб этмоқда», − деди у.
Шу мақсадда 2013 йилнинг 20−23 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Осиё «Қуёш энергияси» форумининг 6-йиғилиши ўтказилгани, Ўзбекистон ҳукуматининг Халқаро Қуёш энергияси институтини ташкил қилиш ва Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВтга тенг қуёш электр станцияси қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилганини ушбу йўналишдаги дадил қадамлар деб баҳолаш мумкин.
Материалшунослик институти илмий котиби Мирзасултон Маматқосимовнинг билдиришича, қуёш печининг ишга туширилиши Ўзбекистонда техник керамика саноатини вужудга келтирди. Эндиликда унинг халқ хўжалиги учун аҳамияти беқиёсдир.
«Дастлаб ҳарбий ва космонавтика саноати учун материаллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган қуёш печида бугунги кунда электротехинка саноати учун юқори кучланишга чидамли изоляторлар, тўқимачилик саноати учун керамик ип йўналтирувчилар, нефть ва газ саноати учун газларни ёт бирикмалардан тозаловчи керамика шарлари, нефть маҳсулотларини буғланишини камайтириб берувчи керамик пантонларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди», − деди М. Маматқосимов
Қуёш энергиясидан фойдаланишнинг ушбу ва бошқа жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильмнинг сценарий муаллифи – Динора Азимова; постановкачи режиссёри – Маҳмуд Тўйчиев; оператори – Қаҳрамон Ҳасанов.
Изоҳ (0)