Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда инсон ҳуқуқларига Европанинг қатор давлатларига нисбатан анча яхши риоя қилинаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Инсон ҳуқуқлари этник тамойиллар бўйича тақиқлар қабул қилина бошлаган айрим Европа мамлакатларига нисбатан Қозоғистонда кенг таъминланмоқда, деб бемалол айта оламан. Қозоғистонда 100 миллат ва халқ яшайди. Уларнинг бари бир хил ҳуқуққа эга бўлиб, тили, маданияти ҳимоя қилинади. Мактаблар ҳам 18 тилда юритилади. Мамлакатда 40 та конфессия эркин фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, бу ерда ҳам масжидлар, ҳам синагогалар (яҳудийлар ибодатхонаси), ҳам костёл (поляк католиклари черкови)лар қурилмоқда.
Яъни инсоннинг ишлаш, эркин яшаш, бошпана ва яхши яшаш учун имкониятларга эга бўлиш каби асосий ҳуқуқларининг барчасини таъминлаб келмоқдамиз», — деди Назарбоев Франция президенти Франсуа Олланд билан Остонада бўлиб ўтган музокаралардан сўнг.
Қайд этилишича, Назарбоев Қозоғистонда «цензурага доир саволлар» ва «сиёсий қувғин» йўқ эканлигини ҳам таъкидлаган.
«Шунинг учун ҳам бу ерда бир қолипдан қочган ҳолда, янги ва очиқ кўз билан қарашимиз керак. Ҳа, бизнинг ўз тарихимиз, ўз маданиятимиз ва ўзига хослигимиз бор. Биз буни рад этмоқчи ҳам эмасмиз. Биз дунёда мавжуд бўлган демократияни ҳурмат қиламиз, у томон ҳаракат қиляпмиз, бироқ ўзлигимизни ҳам йўқотишни истамаймиз.
Бизнинг ўйларимиз бошқача, айтиш мумкинки, биз европаликлардан бошқачароқ тушларни кўрамиз. Бир вақтда ўз қадриятларимизга ҳам риоя қиламиз», — деди Қозоғистон раҳбари.
Изоҳ (0)