Чеченистон Республикаси президенти Рамзан Қодиров Грознийда полициячиларга ҳужум қилганлар чечен террорчиларининг муқаддам ўлдирилган раҳбари Доку Умаровнинг акасига тегишли одамлар эканини тасдиқловчи маълумотга эгалигини билдирди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Қодировнинг айтишича, ҳукумат жангариларнинг республика пойтахтида теракт содир этиш режасидан бохабар бўлган, бироқ аниқ санани билмаган. «Бизда Доку Умаровнинг акасидан қолган видеоёзув бор. Улар ўзларида борини йиғиб, бу йигитларни Грозний шаҳрига тўполон кўтариш учун жўнатишган. Биз уларни 12 декабрда (Республика Конституцияси куни) тўполон кўтаради деб ўйлагандик, улар эса эртароқ келишди», — деди Қодиров «Россия 24» телеканали эфирида.
4 декабрда Грознийда ўтказилган махсус операция давомида республика полициясининг ўн нафар ходими ҳалок бўлди, яна 28 нафари яраланди. Яна бир фуқаронинг ҳам ҳалок бўлгани маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Доку Умаров — Абу Усмон 2013 йилнинг сўнгига қадар Шимолий Кавказдаги террорчилар тўданинг бошлиқларидан бири бўлган. Биринчи ва иккинчи чечен урушлари даврида айирмачилар томонида жанговар ҳаракатларда фаол қатнашган. У бир нечта террорчилик ҳаракатлари, жумладан, 2010 йил Москва метрополитенида ва 2011 йилда Домодедово аэропортида амалга оширилган терактларга жавобгар эканлигини тан олган. 2010 йил июнда АҚШ Умаровни халқаро террорчилар рўйхатига киритган. 2014 йил баҳорда террорчининг ўлдирилгани расман тасдиқланган эди.
Изоҳ (0)