Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов Дубайда ўтказилаётган йиғин ва «Окленд Сити» жамоасига қарши кечган назорат учрашуви борасида фикрларини билдириб ўтди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
«Йиғин режадагидек давом этмоқда. Легионерлардан Тимур Кападзе ва Анзур Исмоилов таркибга қўшилган. Кеча Сервер Жепаров ҳам етиб келди. Аммо у фақат душанбадан машғулотларга қўшилади, унгача эса якка тартибда машғулот ўтайди. Сервер 29 ноябрда ‘Сёнгнам’ таркибида майдонга тушган. Шунинг учун унга бироз дам беришга қарор қилдик.
‘Окленд Сити’га қарши кечган ўйинга келсак, бу ўйинда икки хил таркибни синовдан ўтказдик. Биринчи бўлимда бир таркиб, иккинчисида эса бошқа таркиб майдонга тушди. Футболчилардан кўнглим тўлди», − деди Қосимов.
«Окленд Сити»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида бир йўла уч ҳужумчи − Воҳид Шодиев, Игорь Сергеев ва Камолиддин Мурзоевларни майдонга туширилишидан қандай мақсад кўзлангани ҳақидаги саволга Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббий қуйидагича жавоб берди:
«Бу ўйинда натижа муҳим эмас эди ва турли услубларни кўриб чиқишни мақсад қилган эдик. Учрашувдан кўзланган мақсадга эриша олдик. Биз учун футболчиларнинг тайёргарлиги муҳим».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Дубайдаги биринчи йиғин давомида 10 декабрда Қувайт ва 13 декабрда Фаластин терма жамоалари билан ҳам ўртоқлик ўйинлари ўтказади.
Изоҳ (0)