Жанубий Африка Республикасида тимсоҳ 29 ёшли гольф ўйинчисига ҳужум қилди. Бу ҳақда Bloomberg’га асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.
Воқеа Крюгер миллий боғида содир бўлди. Бу мамлакатдаги бу турдаги энг йирик табиий объект ҳисобланади. Жак ван дер Сандт — шу боғ ходимининг ўғли сайёҳлик лагерларидан бирида жойлашган майдонда гольф ўйнаётган эди.
Айрим маълумотларга қараганда, йигит ўйиндан сўнг сунъий сув ҳавзаси ёнига борган. Унда эса тўрт метрли йиртқич яширинган экан. Бундай сув ҳавзалари гольф майдонларида одатда тўсиқ сифатида яратилади.
Бошқа маълумотларга қараганда, ван дер Сандт ўйиндан сўнг дўсти билан кўлга сакрай бошлаган. Навбатдаги сакрашдан сўнг эса улкан тимсоҳнинг ўлжасига айланган. Нима бўлганда ҳам, икки соатдан сўнг спортчининг тимсоҳ тишларининг излари қолган жасадини топишди.
Кейинроқ тимсоҳ отиб ташланган. Боғ раҳбарияти ҳалок бўлган йигитнинг оиласига таъзия билдириб, бу ҳодиса юзасидан текширув ишларини бошлади.
Маълум бўлишича, қишки уйқу тугаб, ёмғирлар мавсуми бошланганда, тимсоҳлар фаоллашиб, анча тажовузкор бўлиб қолади. Судралувчи эркакни кўриб, дарҳол унга ташланган ва сув тагига олиб кириб кетган.
Статистика маълумотларига қараганда, бу йил бутун дунё бўйича 280 киши тимсоҳ ҳужуми қурбони бўлган.
Изоҳ (0)