АҚШнинг Аризона штатида жойлашган Финикс шаҳрида оқ танли полициячи афро-америкалик эркакни отиб қўйди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Қайд этилишича, тўрт нафар фарзанднинг отаси бўлган Румейн Брисбон қора Cadillac автомобилида ўтирган вақтда икки киши полициячига у наркотик моддалар билан шуғулланувчи шахс эканини айтган. Машинанинг орқа ўриндиғидан ниманидир олаётганини кўрган полициячи унга қўлларини кўрсатишни буюрган.
Полиция департаменти берган хабарга кўра, Брисбон бир ёки икки қўлини белига қўйиб, кейин қочишга уринган ва йўл бўйи полициячини ҳақоратлаб борган. Офицер унга етиб олиб, тўппончани афро-америкаликнинг чўнтагига тўғрилаган. Улар ёнида турган уй эгаси эшикни очганда улар уйга кириб қолган, шу вақтда офицер ўзини бошқаролмай қолиб ўқ узган.
Етиб келган ёрдам гуруҳи Брисбон вафот этганини қайд этган. Брисбоннинг чўнтагида тўппонча эмас, балки одатда наркотик модда сифатида ишлатиладиган тинчлантирувчи дори топилган. Машинадан ҳам марихуана деб тахмин қилинаётган модда ва яримавтомат тўппонча топилган.
Воқеадан бироз олдин Брисбоннинг машинасида бўлган кишининг айтишича, қурбон болаларига овқат олиб кетаётган бўлган. Шунингдек, у афро-америкалик эркак полициячини ҳақорат қилмаганини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда АҚШнинг кўплаб шаҳарларида полициячилар томонидан икки нафар афро-америкалик ўсмир отиб ўлдирилганини қоралаб норозилик намойишлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)