Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, «Адолат» социал демократик партияси ҳамда Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шу кунларда республика бўйлаб «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати» мавзусида тарғибот ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур давра суҳбати ҳам ушбу тарғибот ойлиги доирасида ташкил қилинган бўлиб, унда «Тошкент-Аэро» ИБК шахсий таркиби, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни «Тошкент-Аэро» ИБК бошлиғининг биринчи ўринбосари М. Мирабидов очиб берди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Икром Саипов йиғилганларга инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва барча аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш мақсадида Ўзбекистонда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборотлар берди.
Тадбир давомида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Партия дастурий мақсадларини ишлаб чиқиш ва мафкуравий ишлар бўлими мудири Моҳира Холиқова сўзга чиқиб, 2010 йил 12 ноябрдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан илгари сурилган Концепцияга асосан, 2011 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида айтиб, бу ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлашгани, шу жумладан, ижроия ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик (парламент) назоратининг ўрнатилиши, Ҳукуматни шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни ва роли юксак аҳамият касб этиши, шу билан биргаликда, уларга долзарб ва масъулиятли вазифалар юклаши тўғрисида гапириб ўтди.
Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими бошлиғи Аброр Бердиев ҳам иштирок этиб, Ўзбекистоннинг Асосий Қонунида бой давлатчилик тарихи анъаналари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, халкаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган қоидалари ўз ифодасини топганлигини таъкидлади.
Давра суҳбати иштирокчилари йиғилганларга Конституциянинг бугунги кундаги аҳамияти, унга киритилган янги ўзгартиришлар ҳамда халқаро миқёсдаги ўрни ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Тадбир якунида «Адолат» социал демократик партияси томонидан ўзига хос викторина ҳам ташкил этилди. Давра суҳбати меҳмонларига эсдалик совғалар топширилди.
Изоҳ (0)