КХДР ҳукумати чет эллик туристлар учун хизмат қиладиган интернет портали ишга туширилишига рухсат берди. Бу ҳақда The Telegraph нашрига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Маълумки, бу мамлакат ҳудудида аҳолига интернетдан фойдаланиш тақиқланган. Туристлар учунгина хизмат кўрсатадиган DprkToday.com интернет портали инглиз тилида эмас, корейс тилида фаолият кўрсатади. Бу портал орқали чет эллик сайёҳлар КХДР ҳудудида жойлашган диққатга сазовор жойлар ҳамда меҳмонхоналар ҳақида маълумот олиши мумкин. Бундан ташқари, порталда сайёҳлар учун маршрутлар ҳамда турли маслаҳатлар бериш бўлимлари ташкил этилган.
Шунингдек, сайтда сайёҳларнинг Шимолий Кореяга қизиқишини оширишни таъминлаш учун турли видеолавҳалар жойлаштирилган бўлиб, сайтга ташриф буюрувчилар шимоллик корейс футболчилари ва атлетларининг маҳоратини ифода этувчи клиплар, «Масикрёнг» чанғи комплексида туширилган лавҳалар, денгиз дельфинларининг «буюк кўчиши» ифодаланган тасвирларни, космосга ракета учирилиши жараёнларини томоша қилиши мумкин.
Бундан бироз олдинроқ, «эбола» хавфи туфайли Шимолий Корея ҳудудига чет элликларнинг кириши тақиқлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Изоҳ (0)