Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний тарзда олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 31 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати 30 миллион сўмга яқин салкам 8,5 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Жумладан, Деҳқонобод туманининг чегарадош ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаронинг хонадони холислар иштирокида ва амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, сомонхонада салкам 14 миллион сўмлик 3999 қути «Кент» номли сигареталар қўшни давлатга олиб чиқиш учун ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Тумандаги айланма йўлларнинг бирида тўхтаб турган «Нексия» машинаси божхоначиларнинг диққатини ўзига тортди. Икки фуқаро мазкур машинадан юк сумкалари ва қутиларни тушираётган пайтда, юклар ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада қиймати 14 миллион сўмлик 4000 қути «Кент» тамаки маҳсулотларининг қўшни давлатга яширинча олиб чиқилиши режалаштирилгани фош бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)