Тошкент шаҳар «Синов ва сертификатлаштириш маркази» Давлат корхонасининг «Қурилиш маҳсулотларини сертификатлаштириш идораси»да бошлиқ лавозимида фаолият юритувчи шахс идорасига мурожаат қилиб келганларга кўмак бериш ўрнига уларнинг қўлига қаради. У ёрдам бериши керак бўлган вазиятда турли баҳоналарни важ қилиб, мижозлардан пора талаб қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг «Ҳуқуқ» нашри.
Жабрланувчи бир тадбиркор «брусчатка» ишлаб чиқаришни мақсад қилганди. Бунинг учун маҳсулотга мувофиқлик сертификати расмийлаштирилиши керак бўлгани боис у «Синов ва сертификатлаштириш маркази» Давлат корхонасининг «Қурилиш маҳсулотларини сертификатлаштириш идораси» бошлиғига учрашди. Идора раҳбари турли баҳоналарни важ қилиб, гап орасида «қистир-қистир» бўлса, иши тез битишини тушунтирди.
Тадбиркор эса дарҳол бу ишнинг «баҳоси»ни сўради. Идора раҳбари «Сизни одамларим топишади, ишни ўшалар орқали ҳал қиласиз», — дея унинг қўлига телефон рақами ёзилган бир парча қоғозни бериб, кузатиб қўйди.
Орадан маълум вақт ўтгач, тадбиркор ўша қоғозга ёзилган телефон рақамига қўнғироқ қилди. Телефонга жавоб қилган кимса тадбиркорга 1,5 минг доллар бериши кераклигини айтди.
Пул бермаса, иши битмаслигини тушунган тадбиркор учрашув манзилини белгилаб олди. Бироқ у бу пулни тамагирга қўш-қўллаб топширишга шошилмай, тегишли идораларга хабар берди ва шундан сўнг белгиланган манзилга етиб келди.
Уни машинада «Қурилиш маҳсулотларини сертификатлаштириш идораси» бошлиғининг одамлари кутиб турган эди. Келишилганидек, тадбиркор 1500 АҚШ долларини ўша одамга узатди. У одам «Ишим битди деяверинг, тез кунда сертификат қўлингизда бўлади», — деб энди юрмоқчи бўлганида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди.
Ишни атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди «Қурилиш маҳсулотларини сертификатлаштириш идораси» бошлиғига етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, ҳукм чиқарди. Шунингдек, бошқа айбдорларнинг ҳам жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Изоҳ (0)