Ўзбекистонга Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссиясининг 12 кишидан иборат асосий гуруҳи келди. Миссияга элчи Даан Вильям Эверц раҳбарлик қилмоқда. Бу ҳақда 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Яқин кунларда уларга 8 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилар қўшилади. Шундай қилиб, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг кузатувчилар миссияси ЕХҲТга аъзо 16 мамлакат: Беларусь, Босния ва Герцеговина, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Молдова, Нидерландия, Норвегия, Польша, Россия, Сербия, Франция, Чехия, Швейцария, Швециянинг жами 20 вакилидан иборат.
Миссия Ўзбекистондаги фаолиятини жорий йилнинг 1−30 декабрь кунлари давомида ташкил этишни режалаштирган. Унинг асосий вазифаси миллий сайлов қонунчилиги ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартларга мос келишини баҳолашдан иборат. Кузатиш давомида миссия сайлов органлари ишининг ташкил этилиши, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайлов жараёнидаги фаолияти билан танишади.
Аввал хабар қилинганидек, Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил сентябрида ЕХҲТ/ДИИҲБга йўллаган таклифига мувофиқ, Сайловлар бўйича департамент бошлиғининг ўринбосари Никола Шмидт ва ушбу департаментнинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси Александр Шликдан иборат ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссияси 28−30-октябр кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрганди.
Ташриф давомида Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия экспертлари Ташқи ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибияти, Олий суд, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатларини мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказида, шунингдек, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказишди.
Жорий йилнинг 18 ноябрь куни ЕХҲТ/ДИИҲБ расмий веб-сайтида Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия ташрифи якунлари бўйича ҳисобот эълон қилинди. Унда мамлакатимиз Конституцияси ва сайлов қонунчилигига ижобий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани қайд этилган, давлат бошқарувини ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш бўйича чоралар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Чунончи:
- давлат бошқаруви тизимида партиялар ва парламентнинг ўрни ва аҳамияти кучайгани, сайлов якунига кўра энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партияларга Бош вазир номзодини таклиф қилиш ҳуқуқи берилгани;
- Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилгани, Конституциянинг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг демократик принциплари, унинг мустақиллиги кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилгани;
- сайлов қонунчилигига сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни олиб бориш шакллари ва усуллари тўғрисидаги нормалар киритилгани; қамоқда сақлаш жойларида овоз бериш ва муддатидан олдин овоз бериш жараёнларининг тартибга солингани;
- сайлов қонунчилигининг виждонан ижро этилишини таъминлаш мақсадида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарликнинг жорий этилгани.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, ЕХҲТ/ДИИҲБ билан бирга сайловларни кузатиш истагини яна 4та халқаро ташкилот – МДҲ Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти, Умумжаҳон сайлов органлари ассоциацияси изҳор этди.
Бундан ташқари, Республика Марказий сайлов комиссияси томонидан 35 та хорижий давлат, шу жумладан Осиё, Европа, МДҲ мамлакатлари, Африка ва Америкадаги 275 нафар кузатувчига таклифномалар юборилган. Улар орасида миллий парламентлар ва сайлов органларининг раҳбарлари ҳамда аъзолари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, шунингдек, олим ва сиёсацҳунослар кўпчиликни ташкил этади.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, сайлов комиссиялари Қонунчилик палатаси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Изоҳ (0)