Франциядаги Гренобль шаҳри мери Эрик Пел 2015 йил январидан бошлаб кўчаларга исталган турдаги ташқи рекламаларни жойлаштириш шаҳар кенгаши томонидан тақиқланишини маълум қилди. Муниципалитет режаларига мувофиқ, шаҳардаги 326 га яқин реклама тахталари, шу жумладан, 64 та биллборд олиб ташланади. Бу ҳақда The Telegraph’га асосланиб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Гренобль шаҳри дунёдаги энг йирик ташқи реклама операторларидан бўлган JCDecaux компанияси билан тузилган шартномани бекор қилади. Компания вакилларининг маълум қилишича, шаҳар JCDecaux билан реклама бўйича шартномани кейинги йилда узайтирмаса, 600 минг евро йўқотиши мумкин.
Шаҳар маъмурияти реклама майдончалари ўрнига жамоат жойлари ташкил қилиш ҳамда дарахтлар ўтказишни мўлжалламоқда. Мансабдор шахслар айни дамда реклама билан банд бўлган ҳудудларга 50 га яқин дарахт экишни режалаштирмоқда. Мазкур режалар амалга оширилса, Гренобль Европанинг ташқи рекламаси бўлмаган биринчи шаҳрига айланади.
Шунга қарамай автобус бекатларидаги рекламалар сақлаб қолиниши қайд этилди. JCDecaux билан бундай турдаги рекламаларни жойлаштириш бўйича тузилган шартнома ўз якунига 2019 йилда етади.
Маълумот учун, Бразилиядаги Сан-Паулу шаҳри ҳам 2006 йилда рекламаларни тақиқлаб, маҳаллий тадбиркорларнинг ғазабига дучор бўлган.
Изоҳ (0)