Қўшни давлатлар билан чегарадош Сурхондарё вилоятида эпизоотик, эпидемиологик барқарор вазиятни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Вилоят ҳудудидаги «Чумчуқлижар», «Айритом» божхона комплексларининг санитария назорати пунктларида ўта хавфли юқумли касалликлар четдан кириб келишининг олди олинмоқда. Автомашиналар учун каустик сода ишқори эритмаси билан тўлдирилган дезбарьерлар, чет давлатдан келаётган йўловчилар учун дезковриклар ташкил этилган.
Хавфли юқумли касалликларнинг аломатлари, уларни келтириб чиқарадиган омиллар ва олдини олиш усуллари акс эттирилган материаллар тарқатилди. Ичимлик суви манбалари ва очиқ сув ҳавзаларидан мунтазам намуналар олиниб, кимёвий, бактериологик таҳлил қилинмоқда. Жумладан, ичимлик сувининг микробиологик таркибини аниқлаш учун 8183 сув намунаси олиниб, текширувдан ўтказилди. Аҳолини мунтазам тоза ичимлик суви билан таъминлашга эътибор кучайтирилаётгани турли касалликларнинг олдини олиб, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Эмлаш ишларининг тўғри йўлга қўйилгани ҳам аҳоли, айниқса, ёш авлод саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун Термиз шаҳри ва туманлардаги шифохоналар мунтазам юқумли касалликларга қарши вакциналар билан таъминланмоқда.
Чекка қишлоқларда маиший чиқиндиларни тўплаб зарарсизлантирадиган замонавий иншоотлар барпо этилмоқда. Жорий йилда Бойсун туманидаги «Қўрғонча», Денов туманидаги «Янгиобод», Узун туманидаги «Боботоғ» қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудида маиший чиқиндиларни тўплаш ва зарарсизлантириш учун ер майдонлари ажратилиб, қурилиш ишлари бошланди. 2015 йилда вилоятда 2676 чиқинди майдончаси қурилиши режалаштирилган. Бойсун туманидаги «Мачай», Қумқўрғон туманидаги «Кетмон», Термиз туманидаги »Хотинработ», Узун туманидаги «Хонжиза», Сариосиё туманидаги «Сангардак» қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ҳам ана шундай иншоотлар барпо этилмоқда.
Изоҳ (0)