Мобил дастурлар маркетинги билан шуғулланувчи Fiksu платформаси октябрь ойида Apple’нинг App Store онлайн дўкони янги рекорд натижа қайд этганини эълон қилди. Бу ҳақда Phonearena.com сайти хабар берди, деб ёзади «Пароль» нашри.
Маълумотларга кўра, ўтган ой давомида App Store’дан 7,8 миллион дона, асосан 200 та бепул iOS дастури юклаб олинган. App Store’дан жорий йилнинг октябрида юклаб олинган дастурлар 2013 йилнинг сентябридан 42, октябридан эса 39 фоизга кўпроқ эканлиги қайд этилган.
App Store’да янги рекорд натижа қайд этилишига эса янги iPhone 6 смартфонларининг ўрни катта деб қаралмоқда. Чунки ушбу смартфонлар катта ҳажмда сотилмоқда ва уларнинг фойдаланувчилари севимли дастурларини қайта ўрнатишмоқда.
Шу билан бирга KGI тадқиқотчилари Apple жорий йилнинг сўнгги уч ойлигида 71,5 миллион дона iPhone смартфонларини сотишини тахмин қилишмоқда. Уларнинг 56 миллиони эса iPhone 6 ва iPhone 6 Plus смартфонлари бўлиши кутилмоқда. Бу билан App Store яна янги рекорд натижалар қайд этиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.
Изоҳ (0)