Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Ўзбекистон фуқароларининг Россияда меҳнат қилишини таъминлаш бўйича шартномани тайёрлашга 2015 йилда киришишади, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
«Gazeta.uz»нинг хабар беришича, ушбу қарор 26 ноябрь, чоршанба куни Тошкентда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисида қабул қилинган.
Комиссия томонларга 2014 йил сўнгига қадар Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудидаги меҳнат фаолиятига уюшган ҳолда жалб қилиш ва ёллаш ҳақидаги ҳукуматлараро келишув лойиҳаси бўйича таклифлар билан алмашиш ҳақида кўрсатма берди.
«Ушбу келишув Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан мавжуд кескинликни йўқ қилиши мумкин», – дея қайд этди Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Козак.
2015 йилнинг биринчи чорагида меҳнат миграциясининг долзарб масалалари, жумладан, тезкор ахборот алмашиш бўйича таклифларни келишиш ва ушбу соҳада ўзаро ваколатхоналарни очиш бўйича ишчи учрашувни ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2015 йилнинг июль ойида ишлаб чиқилган тавсиялар асосида томонларнинг нуқтаи назари шакллантирилади ва бу тайёрланаётган бўлажак келишувнинг асосига айланади.
Изоҳ (0)