ФИФА бугун, 27 ноябрь куни терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Ўзбекистон терма жамоаси ноябрь ойи рейтингида бирданига тўққиз поғона пастлаб, 74-ўринга тушиб кетди. Ўзбекистон терма жамоаси октябрь ойи рейтинги билан таққослаганда 50 балл йўқотган.
Осиёнинг барча кучли терма жамоаларида пасайиш кузатилган. Эрон беш, Япония бир ўрин пастлаши оқибатида Япония 53, Эрон эса 56-поғонага жойлашди. Шунга қарамай, японлар Осиёнинг энг яхши терма жамоасига айланди. Жанубий Корея эса Ўзбекистондан ўзиб кетиб, 69-ўринни банд этди ва Осиёнинг учинчи жамоасига айланди. Кейинги ўринларни БАА (85), Иордания (86), Уммон (96) ва Қатар (98) терма жамоалари банд этган.
Осиё Кубогида Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олган терма жамоаларда қуйидагича ўзгаришлар юз берди: Хитой (99-ўрин, 11 поғона пастлаш), Саудия Арабистони (106, 9 поғона пастлаш), КХДР (137, 11 поғона кўтарилиш).
Жадвалнинг дастлабки олти ўрнида ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган. Тартиб бўйича Германия, Аргентина, Колумбия, Бельгия, Голландия, Бразилия кетма-кет жойлашган. Португалия иккита ўрин юқорига кўтарилиб, 7-ўринга чиқиб олди.
Янги рейтинг билан ФИФА расмий сайтида танишиб олишингиз мумкин.
Изоҳ (0)