Американинг Google компанияси Паркинсон хасталигига чалинган беморлар учун «ақлли қошиқ» (Liftware Spoon)ни сотувга чиқарганини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz». У беморларга қўллари қаттиқ қалтирашига қарамасдан ўзлари мустақил овқатланишлари имконини беради.
Мазкур қошиқни Google сентябрь ойида сотиб олган Lift Labs деб номланувчи инновацион тиббиёт ускуналари компанияси инженерлари яратишди. Улар ускуна фойдаланувчининг қўли ҳолати ва қалтирашини аниқ ҳисоб-китоб қилиб, шунга қараб мослашиши учун юзлаб алгоритмлардан фойдаланишди. Lift Labs вакилларининг билдиришича, махсус даста туфайли овқатланилаётган пайтда қошиқнинг қимирлаши 76 фоизга камаяди.«Менинг ўзлари мустақил овқатлана олмайдиган ва ёрдамга муҳтож беморларим бор, янги ускуна орқали улар энди бировларнинг ёрдамига эҳтиёж сезмайди. Ускуна ташхисга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, лекин беморлар ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабабчи бўлади», – деди Сан-Францискодаги Калифорния университети неврологи Жилл Острем.
Los Angeles Times газетасининг хабарига қараганда, Lift Labs ҳозирда бошқа ускуналар, хусусан, пичоқлар ва ручкалар учун махсус қурилмалар яратиш устида иш олиб боришмоқда.
«Биз одамларнинг кундалик турмушларида ёрдам бермоқчимиз ва эҳтимол, Паркинсон хасталиги ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўламиз», – деди Google вакили Кетрин Жаббари. Компания вакилининг айтишича, қошиқнинг нархи 295 долларни ташкил этади.
Паркинсон хасталиги марказий асаб тизими касаллиги бўлиб, бундай беморларда қўл, бош қалтираши, юриш ва нафас олишнинг бузилиши кузатилади. Унинг давоси топилмаган, лекин замонавий тиббиёт беморнинг ҳаётини узайтириш имконини беради.
Изоҳ (0)