Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатлар билан ўсмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
2014 йилнинг январь — сентябрь ойларида ушбу кўрсаткич қарийб 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Айни пайтда инвестиция ҳамкорлиги кўлами ҳам мунтазам кенгаймоқда. Россиялик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда, Ўзбекистонга инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокида тузилган 878 корхона фаолият кўрсатмоқда, Россиянинг 85 фирма ва компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган. Россияда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 512 корхона фаолият юритмоқда.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон билан Россия ўртасида имзоланган қарийб 200 давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Изоҳ (0)