Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов терма жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлган Одил Аҳмедовнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқмаслигига ва футболчининг тез орада сафга қайтишига умид билдирди, деб хабар беради Ўзбекистон Футбол Федерацияси.
«Интерфутбол» газетасига берган интервьюсида миллий терма жамоа бош мураббийи Одил Аҳмедов билан қўнғироқ орқали суҳбатлашганини ва унинг тез орада сафга қайтиши мумкинлигини айтиб ўтган: «Аҳмедов билан ўша куннинг ўзидаёқ телефон орқали боғландик. Унинг кайфияти ёмон эмас эди. Ўйиннинг эртаси куни тиббий текширувдан ўтди ва рентген натижаларига кўра унинг мушакларида зўриқиш борлиги аниқланди. Бу унчалик жиддий жароҳат эмас. Унинг тикланиши учун деярли икки ҳафта вақт кифоя қилиши мумкин. Шундай бўлса ҳам у чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши лозим ва шундан кейингина унинг жароҳатига аниқ ташхис қўйилиши мумкин. Одилнинг ўзи жароҳат олган пайтида оёғида қаттиқ оғриқ ҳис қилганини айтган, бу эса жароҳатнинг бироз жиддийлигини билдиради. Умид қиламизки, қайта текширувдан ўтгач бу жароҳат унчалик жиддий бўлиб чиқмайди», — деди Қосимов.
Миллий терма жамоа бош мураббийи, шунингдек, футболчининг меҳнаткашлигини ва бу унга жароҳатини тезроқ енгиб ўтиши учун ёрдам бериши мумкинлигини қўшимча қилди: «Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай жароҳатларни даволаш учун камида уч ҳафта вақт кетади. Албатта, биз яхши ният қиламиз. Одил — жуда меҳнаткаш футболчи ва иродали йигит. Жароҳатининг тузалишида бу катта аҳамиятга эга. Асосийси, ишлашдан ва меҳнат қилишдан тўхтамаслик керак».
Одил Аҳмедовнинг Осиё Кубоги — 2015 баҳсларига борадиган таркибга киритилиши борасидаги саволларга эса Қосимов қуйидагича жавоб берди: «Албатта, бунга жуда умид қиламиз. Ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди».
Изоҳ (0)