Тошкентда «ВАЗ-2106» ҳайдовчисига пичоқ билан таҳдид қилиб, пуллари ва телефонини олиб қўйган жиноятчилар қўлга олинди, деб хабар бермоқда «На посту» газетаси.
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи киши ишдан бўш вақтларида ўзининг «ВАЗ-2106» русумли автомобилида одамларни ташиб, қўшимча даромад қилар эди. Шундай кунларнинг бирида уни икки йигит тўхтатиб, пойтахтнинг Миробод туманигача олиб бориб ташлашни сўрайди. Улар таклиф қилган нарх ҳайдовчини қониқтиргани учун у рози бўлади.
Бироқ «мижозлар» манзилга етмасдан автомобилни тўхтатишни сўрайди. Ҳайдовчи уларнинг яна бирор жойга кириш эсига тушгандир, деб ўйлаб машинани тўхтатади. Бироқ аслида йигитлар ён-атрофда ҳеч ким йўқлигини пайқаб, тўхташни сўрагани маълум бўлади ва улар пичоқ билан ҳайдовчига таҳдид қилиб, ундан пул ва қимматбаҳо буюмларини беришни талаб қилади. Ёлғиз ҳолда қуролланган икки зўравонга қаршилик кўрсатишга таваккал қилмаган ҳайдовчи 120 минг сўм пул ва мобил телефонини уларга бериб юборади.
Ўлжани қўлга киритган жиноятчилар кўздан ғойиб бўлгач, ҳайдовчи енгил тин олади ва ўзини сўйиб, машинасини олиб кетишмаганига шукр қилади. Бироз ўтгач эса агар улар тўхтатилмаса, бошқа бировга нисбатан худди шундай қилиши мумкинлигини ўйлаб, ички ишлар ходимларига мурожаат қилади. Ҳуқуқ муҳофазачилари томонидан иккала жиноятчи ҳам қўлга олинган бўлиб, уларнинг бири Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида яшаши, иккинчиси Қўқон шаҳридан келгани маълум бўлган.
Изоҳ (0)