Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги байрами арафасида Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг янги бинолари фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президент раҳнамолигида аҳоли, хусусан, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги шифо масканлари барпо этиш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
«Қирқ йилдан зиёд болалар шифокори бўлиб ишлаганман, — деди 78 ёшли меҳнат фахрийси Исроилжон Аҳмедов. — Аммо мустақиллик йилларида Президент раҳнамолигида тиббиёт соҳасида рўй бераётган туб ўзгаришларни, давлат томонидан соҳага бу қадар улкан эътибор қаратилганини кўрмаганман. Бундай замонавий шароитларда аҳоли саломатлигига посбон бўлиш ҳар қандай шифокорга ғурур бағишлайди».
«Ўтган йили қурилиши бошланган шифохона мажмуасида шошилинч, жарроҳлик, реанимация, қабулхона бўлимлари бунёд этилган эди, — деди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А. Тўхтақулов. — Бугун эса 100 ўринга мўлжалланган терапия бўлими биноси ҳамда ошхона иш бошлади. Янги бўлимлар энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлангани туфайли хасталикларни ўз вақтида ва тўғри аниқлаш ҳамда самарали даволаш учун катта қулайлик яратилди. Кенг ва ёруғ хоналарда шифокор ва беморлар учун барча шароит мавжуд».
Изоҳ (0)