Испания Бош прокурори Эдуардо Торрес-Дульсе 21 ноябрь куни Каталония женералитати (ҳукумати) президенти Артур Масга нисбатан 9 ноябрь куни мустақиллик тўғрисида сўровнома ташкил этгани учун айблов эълон қилди. Бу ҳақда «Европейская правда» хабар бермоқда.
El Pais нашрида қайд этилишича, Артур Мас ҳукумат ва қонунга бўйсунмаслик, мансабга оид жиноят, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ҳамда давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланмоқда.
Айблов Масдан ташқари, Каталония ҳукумати ўринбосари Жоан Ортеге ва таълим ишлари бўйича маслаҳатчи Ирене Ригауга ҳам эълон қилинган.
Маълум қилинишича, мамлакат ҳукумати ва қонунига бўйсунмаган шахслар жаримага тортилиб, олти ойдан икки йилгача давлат хизматидан четлатилади. Мансабга оид жиноятда айбланганлар эса давлат ишларидан етти йилдан ўн йилгача четлаштирилиши мумкин.
Хизмат лавозимини суиистеъмол қилганлар олти ойдан бир йилгача озодликдан маҳрум қилиниб, жарима ва бир йилдан уч йилгача давлат ишларидан четлаштириш билан жазоланади. Давлат мулкини талон-тарож қилиш қонунбузарнинг жарима тўлаши ва олти ойдан уч йилгача давлат ишларидан четлаштирилишига олиб келади.
Изоҳ (0)