Жорий мавсум якунларига кўра, Тошкентнинг «Локомотив» клуби мамлакат 23-миллий чемпионатининг кумуш медаллари, шунингдек, Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. «Темирйўлчилар»нинг бош мураббийи Вадим Абрамов айни мавсум якунлари бўйича фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда «Olamsport» хабар бермоқда.
Мураббий мавсумнинг сўнгги ўйинида мухлисларни хушнуд этишни мақсад қилганини таъкидлаб ўтди: «Чемпионлик бой берилганидан сўнг бор умидимиз Кубокдан эди. Қолаверса, бу йил ‘Ўзбекистон Темир йўллари’ ДАТК ташкил этилганига 20 йил тўлганди. Тўйга тўёна деганларидек, ҳеч бўлмаса клуб раҳбарияти ва ҳомийларимизга Ўзбекистон Кубогини тақдим этишимиз керак эди. Зиммамиздаги вазифани уддалаганимиздан хурсандман».
Вадим Абрамов кўпчиликнинг фикри кўра, зерикарли ўтган финал баҳсига тўхталар экан, финал битта ўйиндан иборат бўлиши ва бундай учрашувларда дарвозаларга кўп тўп киритилмаслигини қайд этди: «Битта гол баҳс тақдирини ҳал қилиб қўяди. Олмалиқдаги учрашувда ҳам худди шундай бўлди. Жамоалар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Кейин ‘Бунёдкор’ жамоаси биринчи бўлимда тайинли ҳужум ҳам ташкил этмади. Бу ҳам ўйиннинг зерикарли кўринишда ўтишига хизмат қилди. Биз биринчи рақамли жамоа сифатида ўйнадик. Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган жамоа ОЧЛ йўлланмасига эга бўларди. Табиийки, бундай ҳолатда чиройли ўйнаб, мағлубиятга учрагандан кўра, натижа учун ҳаракат қилиб, ғалаба қозонган афзал. Биз айнан шу йўлни танладик ва мақсадимизга эришдик. Ўйлайманки, бундан жамоамиз мухлислари хафа бўлмади».
Мураббий мазкур учрашув вақтида ҳакам «Локомотив» футболчиси Жасур Ҳасановга қизил карточка беришда бироз адашганини айтди: «Бу вазиятда тўртинчи ҳакам ёрдам берса бўларди. Чунки у вазиятга анча яқинроқ турганди. Яхшиям четлатиш ўйиннинг сўнгги дақиқаларида рўй берди. Акс ҳолда, бу жамоамизга қимматга тушиши мумкин эди. Мен ҳакамлар қароридан норозиман демоқчи эмасман. Шунчаки, Ҳасанов билан боғлиқ вазият учун фикримни билдирдим. Кореялик ҳакамлар ўйиннинг бориши ва натижасига ҳеч қандай салбий таъсир ўтказгани йўқ. ‘Пахтакор’ билан ўйинни бошқарган амирлик ҳакамлар ҳам ўз вазифаларини яхши баҳога бажарганди».
Шу ўринда, Вадим Абрамов ушбу ўйинни бошқаришда ФИФА рефериси «Равшан Эрматовга ҳам ишонч билдирса бўларди», деб таъкидлар экан, Коваленко борасида фикри ўзгачалигини айтди: «У ‘Бунёдкор’ билан миллий чемпионатимиз доирасида ўтказилган учрашувда бир нечта хатога йўл қўйган эди».
Бундан ташқари, мураббий суҳбат давомида ОЧЛ — 2015’га тайёргарлик режаси ишлаб чиқилганини қайд этди: «Янги йилгача Тошкентда йиғин ўтказамиз. Ҳозир энг катта муаммо бу таркиб билан боғлиқ бўлади. Миллий терма жамоа йиғинига ҳозирча олти нафар футболчимиз таклиф олди. Бу ярим жамоа деганидир. Дарвозабондан ташқари, ҳимоя чизиғимизнинг деярли барча аъзолари икки ой давомида терма жамоа ихтиёрида бўлади. Январь ойида Осиё Кубоги — 2015’нинг ўтказилишини инобатга олсак, футболчиларимиз клубимиз ихтиёрига февраль ойидагина қайтиши ойдинлашади. Тасаввур қиляпсизми, икки ой мобайнида асосий таркибнинг олти нафар футболчисисиз машғулот ўтказамиз. Февраль ойида эса ОЧЛ — 2015 мавсумига ҳам старт берилади. Биз учун бу жараён жуда қийин ўтиши аниқ.
ОЧЛ учун мўлжалланган легионерларнинг 3+1 лимитидан фойдаланиш ҳақида бош қотиряпмиз. Юқорида айтганимдек, асосий таркибнинг олти нафар футболчисисиз мавсумга тайёргарлик кўришимизга тўғри келади. Мен бу футболчиларимизга умид боғламаяпман ҳам. Ҳали терма жамоадан сафимизга қай ҳолатда келишлари ҳам номаълум. Шу боис, легионерлар лимитидан фойдаланамиз».
Вадим Абрамов бу борада бир неча ой давомида ўйинларни кузатиб, айрим футболчиларни кўз остига олиб қўйганини қайд этди. «Лекин уларнинг исм-шарифларини ҳозир ошкор қила олмайман. Сабаби, ҳали улар билан музокараларни ҳам бошламадик. Улар билан шартнома масаласида ҳали гап-сўз ҳам йўқ. Шу боис, легионерлар масаласида ҳозир тайинли фикр билдира олмайман. Январь ойидаги йиғинимизда бир неча легионерларни кўрикдан ўтказамиз.
Бу легионерлар Аляскадан бўлмаслиги аниқ (кулади). Ўзимизга яқин қитъадан бўлади. Кўрикдан ўтказадиган легионерларимиз маҳаллий ўйинчиларимиздан савияси баланд бўлмаса, уларга жавоб бериб юборамиз», — деди мураббий.
Абрамов ҳозирда хориж йиғинларини ташкил этиш борасида бош қотирилаётганини айтиб, улар январь ойида ўтказилишини, декабрда эса тайёргарлик Тошкентда олиб борилишини қайд этди.
«Темирйўлчилар»нинг бош мураббийи «Локомотив» болалар футбол мактаби тарбияланувчилари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: «‘Локомотив’ болалар футбол мактаби ташкил этилганига уч йил вақт бўлди. Яна 3—4 йилдан сўнг футбол мактабимиз мева бера бошлайди. Бу йилги мавсумда Қувондиқ Рўзиевдан умидим катта эди. Шахсан ўзим ўринбосарларимиз иштирокидаги учрашувларни кузатиб келяпман. Бизда истеъдодли ёшлар талайгина. Яқинда хорижда ўтказилган халқаро турнирларда ёш тарбияланувчиларимиз совринли ўринларни эгаллаб қайтди».
Вадим Абрамов Испания, Франция, Италия, Германияда иккита чемпионат бор деб, бирида нисбатан кучли икки жамоа (масалан, Испанияда «Реал» ва «Барселона»), иккинчисида эса қолган жамоалар (масалан, Испанияда қолган 18 та жамоа) қатнашади деб таърифлаш мумкинлигини қайд этди: «Биргина Англия чемпионатида нисбатан тенг кучли жамоалар жам бўлган ва шу боисдан ҳам премьер-лига кучли ҳисобланади. Аутсайдер жамоанинг кучли клубни мағлуб этиш ҳолатлари ҳар бир турда учраб туради».
«Ўзбекистонда ўтган мавсум билан таққослаганда, ижобий томонга катта ўзгаришлар йўқ, деб ҳисоблайман. Ўзига яраша плюслари ҳам бор, лекин минуслари ундан кўпроқ», — деди мураббий.
Мураббий сўнгги пайтларда кўп гапирилаётган келишилган ўйинлар ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди: «Келишилган ўйинлар борлигини тасдиқламайман, лекин инкор ҳам этмайман. Аммо айблов исботланмагунича, унинг ҳеч қандай кучи бўлмайди. Бундай гап-сўзларга ўрин қолдирмаслик учун чемпионатимиз тизимини ўзгартириш керак. Қозоғистон, Жанубий Кореяда бўлгани каби икки босқичли миллий чемпионат тизимини йўлга қўйиш керак. Иккинчи босқичда кучли олтиликдан жой олган жамоалар ўртасида мусобақа ўтказиш лозим. Ўшанда 6-ўриндаги жамоада ҳам чемпионлик учун имконият юзага келади. Бундай кучли рақобатда истеъдодлар ҳам кашф этилади. Табиийки, стадионлар ҳам бундай ўйинлар натижасида мухлислар билан гавжум бўларди. Шахсан мен шундай чемпионат ўтказилиши тарафдориман».
Абрамов, шунингдек, унинг фикрича жорий мавсум кашфиёти бўлган уч нафар футболчи номини айтди: «Биринчи навбатда менга Жамшид Искандаровнинг ўйинлари маъқул келди. У ‘Пахтакор’ жамоасида етакчилик ролида бўлди. Шу клуб таркибидаги Кахи Махарадзе ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Кахини жуда яхши биламан. Бу йилги мавсумда унинг янги қирралари кашф этилди. Сардор Рашидов ҳам яхши таассурот қолдирди. Лекин у барқарор ўйин намойиш этмади. Кубок финалида Салим Мустафоев унга имконият бермади.
Рашидов ва Искандаров ҳали терма жамоада ҳам ўзларини кўрсатиши керак. Шунда уларга тўлиқ баҳо бериш мумкин бўлади. Ҳозирча бу футболчилар миллий терма жамоанинг биринчи рақамли футболчилари эмас».
Изоҳ (0)