«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг Жиззах филиали томонидан вилоятда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Вилоят ҳудудини телевидение кўрсатувлари билан қамраб олишни кенгайтириш ҳамда рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш мақсадида «Қўйтош» радио телевизон станциясига Япониянинг JBIC банкининг имтиёзли кредити эвазига 2013 йил ноябрь ойидан бошлаб рақамли телеузатгичлар ўрнатилиб, тест режимида ишлашни бошлади. Айни пайтда вилоят аҳолисини рақамли телевидение дастурлари билан қамраб олиш даражаси 70 фоизга етди.
«Рақамли телеузатгич аҳолининг телевизион кўрсатувларни юқори сифат ва аниқ тасвирда кўриш имконини оширди, — деди Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Эркин Холбўтаев. — Бугунги кунда вилоят аҳолиси республика телевидениесининг 12 каналини кўрмоқда».
Янги форматдаги телеузатувларни қабул қиладиган аппаратлар — телевизор, тюнер ва модемларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани бу борадаги имкониятларни янада кенгайтирди. Шу кунларда DVB-T стандартидаги ер усти рақамли телевидениеси кўрсатувларни ушбу форматдаги кўрсатувларга мосланган DVB-T стандартидаги тюнерлар ёрдамида қабул қилмоқда. Бу форматдаги кўрсатувларни қўшимча қурилма ўрнатмасдан телевизорга оддий DMV антеннасини ушбу тюнерга улаш орқали бемалол кўриш мумкин. Мазкур тюнерлар ҳозир Ўзбекистондаги «Телмах электроникс» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилмоқда.
Вилоят шаҳар ва туманларида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Жиззах филиалининг «Ягона ойна» марказларида аҳолига сервис хизмати ва абонентларга IP-TV интерактив хизматини кўрсатиш жорий этилган. Имконияти кенглиги боис IP-TV интерактив хизматига уланиш кўрсатгичи ўтган йилга нисбатан икки баробар ошди. Бу талаб борган сари ортиб бормоқда. IP-TV интерактив хизматида 62 телеканал мавжуд бўлиб, унда уч кунлик архивни ортга қайтарган ҳолда кўриш имконияти мавжуд.
Жиззах шаҳар Заргарлик маҳалласидаги 15 дан ортиқ кўп қаватли уйларга оптик толали кабел ётқизилиб, юқори тезликдаги интернет ҳамда IP-TV интерактив хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.
2013—2017 йилларда босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган «Ўзбекистон Республикасида ер усти рақамли узатиш тармоғини ривожлантириш» инвестиция лойиҳаси доирасида Жиззах шаҳри ва Қўйтош радио телевизон узатиш марказига янги телеузатгичлар ўрнатилиши режалаштирилган. Янги телеузатгичлар ўрнатилиши билан Жиззах шаҳрида телеканаллар сони 48, туманларда 24 тага етади.
Изоҳ (0)