Тошкент шаҳридаги «Истиқлол» саройида «Камалак юлдузлари» республика болалар ижодиёти фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими ва тадбир иштирокчилари ижросида гала-концерт бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг «Камалак» болалар ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Бадиий академия билан ҳамкорликда ўтказилаётган «Камалак юлдузлари» республика болалар ижодиёти фестивалидан кўзланган асосий мақсад ўғил-қизларнинг қобилиятини эрта аниқлаш, уларнинг таълимдан ташқари вақтини самарали ташкил этиш, санъат воситасида навқирон авлод қалбига эзгу ғояларни чуқур сингдиришдан иборатдир.
Бу йилги фестивалда 6—15 ёшли иқтидорли болалар ўз маҳоратини намойиш этди. Фестивалнинг саралаш босқичларида ўқувчиларнинг мумтоз ва миллий мусиқа чолғулари ижрочилиги, анъанавий ва академик хонандалик, хореография, тасвирий ва амалий санъат, наср ва назм йўналишидаги истеъдод ва маҳорати таниқли санъаткор ва мутахассислар томонидан баҳоланди.
15—19 ноябрь кунлари фестивалнинг якуний босқичи юксак савияда ўтди. Унда 700 нафарга яқин ўғил-қиз Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ёшлар ижод саройида турли номинациялар бўйича ижодий салоҳиятини намойиш этди. Фестиваль доирасида болалар ижодиётига оид бадиий кўргазмалар, концертлар, моҳир хонанда ва созандалар, мусиқачилар, мусаввирлар, болалар ёзувчи ва шоирлари иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилди. Музейлар, театрлар, кўргазма заллари, маънавият ва маърифат масканларига, истиқлол йилларида бунёд этилган ижтимоий-маърифий объектларга саёҳатлар иштирокчиларда ёрқин таассуротлар қолдирди.
Фестивалда турли номинациялар бўйича ғолибларга диплом ва совғалар топширилди.
Болалар бадиий жамоалари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ (0)