2014 йилнинг 10 ойида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал секторига йўналтирилган банк кредитлари умумий ҳажми 31,8 триллион сўмни ташкил қилди. Бу 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 30,8 фоиз кўп эканлиги Ўзбекистон банк-молия секторини барқарор ривожлантириш масаласи бўйича амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган илмий-амалий конференцияда қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Таъкидланишича, инвестицион кредитлар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,1 фоиз ўсиб, 7,2 триллион сўмдан ошган.
Банк-молия ташкилотлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, уларга ажратилган кредитлар ҳажми 8 триллион сўмдан ошди ва бу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини молиялаштириш имконини бермокда.
Банк назоратининг самарали амалга оширилаётгани, банк ликвидлиги ва активлари сифати устидан доимий мониторинг олиб борилаётгани Ўзбекистон банкларининг халқаро даражада юқори рейтинг кўрсаткичларга эришаётганининг кафолати бўлмоқда. Бугунги кунда жаҳондаги етакчи Fitch, Standard & Poor`s, Moody`s рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг барча тижорат банкларига барқарор рейтинг кўрсаткичларини берган.
Ўзбекистон эришаётган иқтисодий ютуқлар халқаро молия институтлари томонидан юксак баҳоланмоқда. Жумладан, Жаҳон банки гуруҳининг 2014 йилнинг 29 октябрида эълон қилинган «Бизнес юритиш — 2015: Самарадорлик доирасидан чиқиб» мавзусидаги маърузасида Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан ўз позициясини 8 бандга яхшилагани қайд этилган.
Изоҳ (0)