Жорий йилнинг 7—16 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. Дунёнинг 72 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун дастлабки очколар ҳам ўйналди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2016 йилги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун очколар 2014—2015 йилларда ўтказиладиган жаҳон чемпионатлари ва қитъа чемпионатларида эришилган натижаларнинг якунларига кўра берилади.
Эътиборлиси, Олма-Отада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси битта олтин, иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 7-ўринни, очколар бўйича эса 9-ўринни эгаллади (эркаклар ўртасидаги мусобақада 52 давлат вакили иштирок этган) ва Олимпиада ўйинларининг бешта лицензиясини деярли нақд қилиб қўйди. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса очколар ҳисобида 10-ўринни эгаллаб (аёллар мусобақасида 47 давлат вакили қатнашди), учта йўлланмага эга бўлди.
«Албатта, оғир атлетикачиларимизнинг эришган натижалари ҳар қанча таҳсинга лойиқ, — деди Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бошқарма бошлиғи Рашид Маткаримов. — Агарда ҳамюртларимиз 2015 йил АҚШда ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатида бунданда яхши кўрсаткичга эришсалар, йўлланмаларимиз сони яна биттага ошиши мумкин. Аксинча, океан ортида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Олма-Отада эришилган натижалардан паст кўрсаткичлар қайд этилган тақдирда ҳам йўлланмаларимиз сони нари борса саккизтадан еттитага тушиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам оғир атлетикачиларимиз 2016 йилги Олимпиада ўйинларида қатнашишлари аниқ бўлди».
Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятига Руслан Нуриддинов (-105 кг.), Улуғбек Алимов (-85 кг), Иван Ефремов (+105 кг), Сардорбек Дўстмуродов (-105 кг), Достон Ёқубов (-69 кг), Муҳаммад Бегалиев (-85 кг), Адҳамжон Эргашев (-62 кг), Марина Сисоева (-53 кг), Маҳлиё Тоғаева (-48 кг), Манзура Мамасолиева (-69 кг), Фарангиз Шомуродова (-58 кг) ва Лола Қодирова (-48 кг) ҳисса қўшди.
Олма-Отада ўтказилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар бугун Тошкент вақти билан соат 18:20 да қайтиб келади.
Изоҳ (0)