Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида Президентнинг 2014 йил 31 октябрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Унда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ва ижодий ташкилотлар вакиллари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳаллалар фаоллари, ноширлар, олий ва ўрта махсус таълим масканлари ўқитувчилари, талабалар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини бажарувчи Б. Аҳмедов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т. Норбоева, Ўзбекистон Бастакорлари уюшмаси раиси Р. Абдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Иброҳимова ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида миллий адабиётни равнақ топтириш, унинг ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг адабий меросини кенг тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ёш авлод маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шоира юбилейига бағишлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бир қатор ижодий-маърифий лойиҳаларни ташкил этиш кўзда тутилган. «Саодат» журнали қошида «Зулфияхоним мактаби» номли тўгарак фаолиятини йўлга қўйиб, устоз маҳоратини ёш ижодкорларга ўргатиш, театр жамоаларида «Хотирам синиқлари» достони асосида тайёрланган спектакль намойишини ташкил этиш, «Зулфияхоним – меҳр-муҳаббат ва садоқат тимсоли», «Маънавий жасорат соҳибаси» мавзусида иншолар танлови, «Шарқнинг биллур овози» номли фотокўргазмани ўтказиш шулар жумласидандир. Ўқув масканлари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ёзувчи ва шоирлар, адабиёцҳунос олимлар иштирокида мушоиралар, давра суҳбатлари, ижодий мулоқотлар ўтказиш, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг янги китобларини чоп этишга кўмаклашиш, шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган веб-сайтни янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.
Изоҳ (0)