«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов кампанияси шу йилнинг 15 сентябрида бошлангани ва сайлов 21 декабрда ўтказилиши муносабати билан «Сайлов — 2014» ижтимоий сўровини ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари — эркаклар ва аёллар, ёшлар, пенсионерлар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.
«Сайлов пайтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатликка номзодларнинг қайси жиҳатлари сиз учун муҳим?» деган саволга жавоб берилар экан, номзодларнинг маънавий-маърифий хусусиятлари, одоб-ахлоқи, демократик қадриятлар ва миллий анъаналарни ҳурмат қилиши, профессионаллиги ва чет тилларни билиши алоҳида ажратиб кўрсатилди. Сўров иштирокчилари депутатликка номзодлар жамиятда, маҳаллаларда обрў-эътибор қозонган ва ҳаётий тажрибага эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Фуқаролар учун номзодларнинг оиладаги мақоми ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўровда фуқаролар ўз номзодини сайлашда унинг ижтимоий аҳволи, қайси сиёсий партияга мансублигини эътиборга олишини ҳам маълум қилди.
Ижтимоий сўров фуқароларнинг ижтимоий кайфияти баландлиги, шу йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишга тайёр эканидан далолат беради.
Изоҳ (0)