Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи уч фарзанднинг онаси ўз қизини дўппослаб, бўғаётган эрини пичоқ билан ўлдирди ва жасадни ёқиб юборди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетасига таяниб, Uz24.uz хабар бермоқда.
Бир ўғил ва икки қизнинг отаси қуда-андали бўлиш ёшига етганига қарамай тайинли ишламас, бир амаллаб топган пулини эса ичкиликка сарфлаб юраверди. У кўпинча маст ҳолда келиб, аёлини урар, болаларини ҳақоратларга кўмиб ташларди.
2013 йилнинг ёзида у ишлаш учун Қозоғистонга йўл олди. Кўп ўтмай ортга қайтди ва яна ичкиликка муккасидан кетиб, ҳар куни жанжал кўтара бошлади.
Кузнинг якунида туғилган куни бўлган ота шу куни ҳам маст бўлиб, жанжал бошлади. Бундан жаҳли чиққан қизи «участка нозирига хабар бераман», деб чиқиб кетди. Унинг ортидан онаси ва кичик синглиси ҳам излаб чиқди. Уйга қайтиб кирмоқчи бўлган она ва унинг қизлари эшик қулфлигини кўриб, ташқарида бир-икки соат кутиб ўтирди. Улар эшикни қўшнисининг ёрдами билан очиб, уйга кирди.
Тун ярмида уйғониб кетган эркак аёли ва фарзандларини яна бўлмағур сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. У қизининг «кўп жанжал қилаверманг», деган хитобига «менга гап қайтаряпсанми?», деб сочига ёпишди ва уни йиқитиб, бўға бошлади. Қизини қутқаришга ошиққан аёл эса эрининг елкасига кетма-кет уч марта пичоқ санчиб ўлдирди. Эртаси куни аёл фарзандларининг ёрдами билан эрининг жасадини палосга ўраб, тунда яқин атрофдаги зовурга олиб бориб, ёқиб юборди.
Аммо тез орада миш-мишлар болалаб кетди. Бу гаплардан хабар топган эркакнинг яқинлари ҳақиқатни билгач, жасадни топиб, экпертизага олиб борди. Жасад қабрга экспертизадан сўнг қўйилди.
Жиззахлик аёл эса қилмиши учун 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унга берилган жазо муддати амнистия актига биноан тўртдан бир қисмга қисқартирилди.
Изоҳ (0)