Андижонлик ёзувчи Наби Жалолиддин буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳақидаги «Тегирмон» номли тарихий романни ёзиб тугатди, деб хабар бермоқда «Кун».
«Бу роман мустақиллик учун курашган, ҳақгўй, жасур, ғанимнинг кўзига тик боқишдан қўрқмаган жасоратли ва ватанпарвар, шунингдек, ҳаёти бир умр изтиробда, сарсон-саргардонликда, хўрликда ўтган Чўлпон ҳақида», — дейилади Наби Жалолиддиннинг шахсий сайтидаги хабарда.
Бундан ташқари, асарда Ўзбекистон тарихи ва адабиётида катта из қолдирган ўнлаб шахслар, ўтган асрнинг 20—30 йилларидаги фожиали воқеалар ҳам ўрин олган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг таклифи ва тавсияси билан ёзилган, икки китоб, беш қисмдан иборат бу роман ўқувчилар эътиборига 2015 йилда ҳавола этилади.
Маълумот учун, Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938) ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири, етук лирик шоир бўлиб, у «Кеча ва кундуз» романи каби насрий асарлари билан танилган.
Изоҳ (0)