Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Қосимов 2014 йилнинг 7—8 ноябрь кунлари Бангкок шаҳрида ўтказилган Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг (МОҚА) XIX Бош Ассамблеясида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Ассамблея йиғилишида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабоҳ, шунингдек, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясига аъзо 205 давлатнинг Миллий олимпия қўмиталари раҳбарияти ҳамда халқаро спорт ташкилотларининг президентлари иштирок этди.
Йиғилишнинг биринчи куни Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти, Осиё олимпия кенгаши раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ, шунингдек, МОҚА Бош котиби ҳамда қитъавий вице-президентлар, МОҚАнинг турли комиссия ва бўлимлари раҳбарларининг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар юзасидан маърузалар тингланди.
Ҳисоботлар бўйича чиқишлар якунлангач, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг раҳбариятини янги муддатга (2014—2018 йиллар) сайлаш маросими бўлиб ўтди. Йиғилиш қатнашчиларининг аксарияти 2012 йилдан буён ушбу нуфузли халқаро ташкилотни бошқариб келаётган Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ номзодини бир овоздан маъқуллади ва шу тариқа Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ кейинги тўрт йил давомида Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясини бошқарадиган бўлди.
«Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер аввалроқ таъкидлаб ўтганидек, 2022 йил Қатар давлатида ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинлари ва футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳслари бир муддатда ўтказилмаслигига 100 фоиз ишонч билдираман. Олимпиада ўйинлари аввал эълон қилинганидек 2022 йилнинг февраль ойида ўтказилади. Сабаби ХОҚ томонидан мусобақаларнинг ташкилий жиҳатлари, трансляция ва маркетинг масалалари бўйича ҳамкорлар билан келишувлар имзолаб бўлинган» — деди МОҚА раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ.
Шундан сўнг, Олимпия бирдамлиги дастури бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳисобот тингланиб, 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинлари мезбонлигига номзод бўлган Пекин (Хитой) ва Олма-Ота (Қозоғистон) шаҳарлари ташкилий қўмита раҳбарларининг тайёргарлик ишлари билан боғлиқ кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. 2022 йилги олимпиада ўйинлари мезбони 2015 йилнинг июль ойида Куала-Лумпур шаҳри (Малайзия)да ўтказиладиган Халқаро олимпия қўмитасининг навбатдаги сессиясида эълон қилиниши маълум қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг махсус мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Маълумот учун, ушбу мукофотлар ҳар икки йилда ўз эгаларига топширилади. Номзодлар эса қишки ёки ёзги олимпиада ўйинларининг якунларига кўра эълон қилинади.
Шундай қилиб, хоккей бўйича Канада эркаклар ва аёллар терма жамоалари «энг яхши жамоа» номинациясида ғолиб деб топилди. Сочи — 2014 ўйинларининг «энг яхши аёл спортчиси» деб конкида учиш бўйича ўтказилган пойгаларда иккита олтин ва учта кумуш медалга сазовор бўлган голландиялик Ирен Вюст эълон қилинди.
Норвегиялик машҳур биатлончи Уле-Эйнар Борндален эса «энг яхши эркак спортчи» номинациясида бош совринга сазовор бўлди. Сочи олимпиадаси якунларига кўра «энг муваффақиятли олимпия қўмитаси»га берилган соврин умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлган Россия олимпия қўмитасига насиб этди.
Мукофотлаш маросимида яна бир қатор номинациялар бўйича ғолиб деб топилганларга МОҚАнинг мукофотлари тантанали суратда топширилди.
Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси Бош Ассамблеяси йиғилишининг иккинчи куни 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ва 2020 йил Токио (Япония)да ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинлари, шунингдек, 2016 йил Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида ҳамда 2018 йил Буэнос-Айрес (Аргентина)да ўтказиладиган қишки ва ёзги ўсмирлар олимпиада ўйинлари, 2018 йил Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ўтказиладиган қишки олимпиада ўйинлари ташкилий қўмиталари раҳбарларининг тайёргарлик ишлари бўйича ҳисоботлари тингланди.
Ассамблея йиғилишида қитъавий мусобақаларнинг ташкилий қўмита раҳбарлари ҳамда Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги раҳбари Крейг Риди ҳам ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилди.
«Сафар давомида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ, шунингдек, қатор давлатлар МОҚлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди ва унда ўзаро ҳамкорлик ишларини янада кенгайтириш билан боғлиқ қатор масалалар юзасидан келишиб олдик, — деди Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов. — Эътиборлиси, ХОҚ президенти Томас Бах, МОҚА раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, келгусида ҳам бу борадаги истиқболли режаларни ҳамкорликда амалга оширишга катта ишонч билдирди».
Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг ХХ Бош Ассамблеяси 2015 йил Вашингтон шаҳри (АҚШ)да шаҳрида ўтказиладиган бўлди.
Изоҳ (0)