2014 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Малайзиянинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Дато Норъайни бинти Абд Ҳамидни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.
Элчи ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон — Малайзия муносабатларининг бугунги ҳолати, уни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар турли жабҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг жадал ўсиш суръатини қайд этиб, аввало савдо-иқтисодий соҳада сўнгги етти йил мобайнида ўзаро товар алмашинуви 2,5 баробар ўсганини ижобий баҳолади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ишбилармонларининг ўзаро алоқаларни ривожлантириш, мунтазам равишда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувларни ўтказиш, парламентлараро алоқаларни кенгайтиришда томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги тасдиқланди.
Суҳбатдошлар икки давлат учун муҳим аҳамият касб этадиган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Изоҳ (0)